Русский | O'zbekcha | English
Bosh sahifa Loyiha haqida Arxiv Murojaat uchun
 
 
Siyosat
Iqtisodiyot
Xorij xabarlari
Madaniyat va sport
Hodisalar
Analitika
Foydali saytlar

Центр развития и внедрения компьютерных и информационных технологий

Валюта









Analitika

“Кўринганинг каби бўл!”
27 Aprel 2010 12:10
www.gzt.uz - Дамин ЖУМАҚУЛОВ, журналист. Қишлоғимизда бўлган тўйларнинг бирида унчалик номдор бўлмаган полвон ўнг ёни билан йиқилди. Баковул ”ҳалол” деб юборди. Шунда полвон жаҳл отига минди-да, “бир елкам билан тушдим, йиқилганим йўқ”, деб давра айлана бошлади. Унинг бу қилиғини кўрган чоллардан бири ”Полвоннинг йиқилгани шу бўлади, чиқ, болам”, дея уни ҳассаси билан даврадан ҳайдаб чиқди. Ўша кезларда биз етти-саккиз ёшларда эдик.
    
Отахоннинг ўшанда важоҳат билан айтган бу сўзларидан сўнг сакраб ўйноқлаётган полвоннинг шашти пасайиб, қанчалик мулзам бўлгани ҳозиргача кўз ўнгимда аниқ турибди. Ана шу воқеа  воқеа сабаб мурғак ёшимда англаганим шу бўлдики, полвонлар даврада ор талашар экан. Ўзини полвон деб билган мардумга даврада юлдуз санаб ётиш ўлимдан баттар уят ҳисобланар экан.
Курашнинг энг таъсирли жойи шунда эдики, унда қайси қишлоқ полвонларининг бири йиқилгудек бўлса, бошқаси сакраб туриб унинг изига чиқарди, у ҳам йиқилса яна бирови. Борди-ю, омад юз ўгириб, энг катта полвони йиқилиб қўйса, ўша қишлоқдан келган томошабинлар тўйдан кўз ёши билан қайтар эди. Кейин эса навбатдаги курашли тўйгача қишлоқдаги аламзада полвонлар тунлари давра олиб тайёргарлик машқини ўтар эди. Тўй бошланган заҳоти ўзларини олдинги тўйда йиқитган полвонларга талабгор бўлиб чиқар эди. Шундай ориятли йигитлар эди бизнинг боболаримиз, оталаримиз, акаларимиз.
Болаликдаги хотираларимни эслашга ўз орсизлиги билан фахрланадиган одам билан юзма-юз келганим сабаб бўлди. Энг аянчлиси, у кичикроқ бўлса-да, бир идоранинг раҳбари бўлиб қўл остидаги ходимларни ҳам тинимсиз шунга даъват қилар, орсизлик, ғурурсизликнинг афзаллигини, яшаш учун, униб-ўсиш учун ниҳоятда қулайлигини жон-жаҳди билан уқтирар  эди.
Хуллас, воқеа бундай бўлди: кўп йиллардан бери ўзи ишлайдиган ўқув юртидаги ҳамкасблари билан судлашиб юрган домлалардан бири ҳақида гап кетди. Суҳбатдошлардан бири ўша домланинг қонунларни, кодексларни жуда пухта билгани боис судьяларни ҳам шошириб қўяётгани, ўқув юртидаги ҳамкасбларини ҳали судма-суд судраб роса оввора-ю сарсон қилиши ҳақида гапирди.
— Бу одамни ўзлари шу даражада ”қонуншунос” қилиб етиштирди, энди ўзлари “ҳузур”ини кўради-да. Вақтида индашмаганида-ку, тинчгина дарсини бериб юраверарди, — деган тахминни айтдим.
— Унинг ишлари тўғримас, бу аҳволда ўзини ҳам хароб қилади, — деди ҳалиги раҳбар.
   Унда одамнинг шаъни, ор-номуси, ғурури қаерда қолади?
   Хўш, ўша одам ғурури учун курашиб нима фойда кўрди?
   Ғурури учун курашган одам, албатта, фойда кўриши керакми? Ахир
унинг ўз қадр-қиммати учун курашганидан жамият фойда кўради. Уни таниган, билган кишилар ундан ибрат олади ва ўзларини камситишларига йўл қўймайди, ҳуқуқларини қонун йўли билан ҳимоя қилади.
   Одам ғурурини синдирса ҳам ўзини синдирмаслиги керак.
   Ғурури синган одамнинг яна нимасидир қоладими?
   Бола-чақаси-чи?..
Тўғрисини айтсам, шу ёшга киргунча турли қарашларга, ҳар хил характерларга эга одамларни кўп кўрдим. Лекин бунақасини учратаман, яъни орсизлиги билан шунчалар фахрланадиган одамга юзма-юз келаман, деб сира ўйламаган эдим. Воажаб, одам нима учун яшайди? Яхши-яхши таомлар еб-ичиш, турли-туман кийим-кечак кийиш, ориқ-семиз, майда-чуйда бола-чақа орттириш учунми? Бундай нарсаларга эга бўлиш учун ҳазрати инсон бўлиш шартми?!
Азизу мукаррам қилиб яратилган ҳазрати инсон бошқа жонли мавжудотлардан нимаси билан фарқ қилади? Шарафсиз инсоннинг яшашидан не маъни? Боз у фарзандлари онгига ҳам ғурурсизлик ғоясини сингдирадиган бўлса. Наҳотки, миллий ғуруримизни бутун дунёга кўз-кўз қилиб турганимизда орамизда устимиздан кулиб юрган шу тоифа одамлар ҳали ҳам бор. Улар сиз-у биз нафас олаётган ҳаводан нафас олаётганидан ҳам ҳайратга тушасиз, ҳам ғазабга тўлиб кетасиз.
Биз ўзбеклармиз. Ўзбекларда инсоннинг ор-номуси, шаъни, ғурурини улуғлайдиган юзлаб, минглаб халқ мақоллари, аждодларимиздан мерос бўлиб қолган ибратли ҳикматлар бор. Миллатимизга мансуб бўлган ёшу қари барчаси ана шу ҳикматларга амал қилган ҳолда ўзининг ҳазрати инсон бўлиб яралганидан фахрланиб яшамайдими? Унда бу тоифа қайси миллатга мансуб?.. ”Қоражон мени бугун чоҳдан тортиб олса, эртага юзимга солиши мумкин”, деган андиша билан арқонни атайлаб узиб юборган кўйи бир неча йил яна зиндонда ажалини ёки тақдири илоҳийини кутиб ётишни афзал билган Алпомиш авлодлари орасида шундай шарафсиз кимсалар чиқишига нима сабаб бўлди? Наҳотки, айрим кишилар онгига қуллик психологияси шу қадар мустаҳкам ўрнашиб кетган бўлса. Ундай десангиз, қуллар ҳам бу даражада орсиз бўлмаган. Буни тарих китобларида кўп ўқиганмиз.
Ҳа, дарвоқе, “Алпомиш” достони. Ана шу асар халқ тафаккури дурдонаси бўлган бошқа минглаб достонлардан нимаси билан фарқ қилади? Нима учун кекса-ю ёш уни севиб ўқийди?
Чунки бу асар бошдан охирига қадар инсоний ор-номус ҳақида. Бир эсга олинг, ўн тўрт ёшга тўлиб маст бўлган нордай кўпириб юрган Ҳакимбекка узоқ қалмоқлар юртига кўчиб кетган амакисининг қизи Барчинойдан хат келади. Хатда Барчиной қалмоқлар юртида талаш бўлгани ва улардан олти ой муҳлат олганини билдириб, Алпомишдан мадад сўрайди. Хатни ўқиган Ҳакимбек “Олтойчилик йўлда бўлса, қалмоқнинг элида бўлса, зўр ёвнинг қўлида бўлса, бир хотин оламиз, деб сандираб ўламизми” дея хатни тиззасига бостириб ўтиради. Буни кўрган Қалдирғоч ойим акасига қарата шундай дейди:
Ака, айтган сўзим оғир олмагин,
                                    Нар-мода ишини бунда қилмагин,
                                    Бу ишдан бехабар бўлиб турмагин,
                                    Сен бормасанг, ёринг қалмоқ олади,
Барчин йиғлаб нима илож қилади? 
Ўзининг қадри учун жон куйдираётган мушфиқ синглиси — Қалдирғочдан бу гапларни эшитгандан кейин ҳам йўлга тушмаслик, ор учун жон тикмаслик мумкинми? Ғурурсиз одам ҳар қандай жойда, ҳатто аёллар даврасида ҳам тезда ҳурматини йўқотади. Номуси хавф-хатар билан юзлашганда сўстлик қилган одам, у Алпомиш бўлган тақдирда ҳам ана шундай таъна-дашном эшитишга лойиқдир. Фақат бу гапларни айтишга Қалдирғочдай сингил бўлиши керак. Бугунги номусидан тўкин ҳаётни, мансабу амални афзал билаётган орсизларнинг шундай ўтюрак синглиси йўқмикан?!
Энди Алпомиш қалмоқларнинг энг зўр паҳлавони Кўкалдош билан кураш тушаётганда Барчинойнинг айтган сўзларига эътибор қилинг;
Қизлар сизни нар-мода деб айтади,
Қизларнинг айтгани менга ботади.
Мардлар олишмайди, силтаб отади,
Майдон бўлса иш кўрсатиб кетади,
Бўш одамнинг иши кейин кетади.
Севган ёрининг ҳақли таънаси кўкайини тешиб ўтган Алпомиш рақибини силтаб отиб юборади. “Бўш одам” деганда Президентимиз таъбири билан айтганда, ўз қадрига, ўз шаънига эга бўлмаган, беқарор ва салбий таъсирларга тез берилувчан, шахс сифатида шаклланиб ўлгурмаган киши назарда тутилмоқда. Бундай инсон ҳайётда кўн-кўп тўсиқларга дучор бўлади. Энг аянчлиси, мақсадини, орзу-ҳавасларини амалга оширишни кейин-кейин, эрта-индин билан ортга суриб умрини бой бериб қўяди.
Аслида Барчиной Алпомишнинг Кўкалдошни енгишига шубҳа қилмаган. Фақат унинг ланжлиги, рақиб билан бағирлашиб давра айланиб юргани, мардларча кураш намойиш этмагани  ғашини келтиради. Чунки, одатда, қиз боланинг белидан қучиб айланиб юрилади. Рақиб ўзига яқинлаштирилмайди ва полвоннинг ўзи ҳам рақибга суяниб олмайди. Эътибор қилган бўлсангиз, ҳозирги тўйларда ҳам курашга тушган полвонлар бир-бирига суяниб давра айланиб қолса, дарҳол томошабинлар баковулга ”Анави иккаласининг зотини бериб айириб юборинг”, деб уларни даврадан чиқартириб юборади.  
Олдинроқ айтиб ўтганимиздек, Алпомиш зиндонда ётганда, уни дўсти Қоражон озод этгани енг шимариб келади. У дўстини қутқариб олишига ташқи тарафдан ҳеч қандай қаршиликка учрамайди. Қалмоқлар ғафлатдалиги боис унинг Чилбир чўлга келганини сезмай қолади. Қоражон дўстининг халоскорига айланишига, Алпомишнинг зиндон азобидан озод бўлиб, қалмоқларнинг додини бериб, ўз Ватанига ёруғ юз билан қайтишига бир баҳя қолади. Таассуфки, уларга битта нарса — инсоний ғурур халақит қилади. Бу воқеа бахши тилидан шундай ифода этилади: “Ипак арқонни зиндонга ташлади. Алпомиш белига боғлаб олди, Қоражон чирпиниб тортди, қараса, тортиб олиб кетгудай ғайрати. Алпомиш туриб айтди: ”Бу зиндондан тортиб олиб кетиб қолади, шекилли. Зиндондан чиқариб олиб борар, элда маърака-мажлис бўлар, бир тошиб гапириб ўлтирган вақтимда, ”зиндонда чириб кетадиган одам эдинг, фалокатдан қутқарган фақир-да”, деб бетимга улгу қилиб юрар”, дея орқасини бериб оёғини тираб турди. Алп Қоражон чирпиниб тортди, ипак арқон узилиб кетди, Алпомиш зиндонга тушиб кетди”.
Шу дамда дўстининг кўнглидан нималар ўтганини сезган Қоражон:
Шаънингга Қоражон номард бўлами,
Қилган хизматини улгу қилами?
Хаёлингга Қоражон номард бўлибди,
Кўнглингга шундайин гаплар келибди,
Ўйлаган шумлигинг бекор бўлибди.
дейди. Қўнғиротга қайтганимда олдимга югуриб чиққан Қалдирғоч
ойимга нима жавоб қиламан, деб роса аврайди, аммо ҳарчанд ўтинмасин, Алпомишни ўзининг ёрдамида душман қазиган чоҳдан озод бўлишга кўндира олмайди.
Эй биродар, Алпомиш бир оғиз таънадан қўрқиб ўлим билан юзма-юз турган бўлса-да, синалган дўстининг мададидан юз ўгирди. Биз эса арзимаган моддий неъмат ёки кичкинагина амал курсисига ўтириш илинжида дўст-душманлигини суриштирмай дуч келган одамнинг қошида жилпанглаймиз. У эса ҳали бирор ишни бажармай туриб қилган илтимосимизнинг ўзини неча бор юзимизга солса-да, хушомадни яна баланроқ пардада давом эттирамиз. Нима учун бунчалар ночормиз, нега бунчалар хор ва забунмиз. Телевизорда ҳар куни кашф этилаётган “юлдуз”ларнинг чиранишини кўрсангиз раҳмингиз келади, ҳаммани лақиллатиб бойиб оламан, дея кўзбўямачилик учун ҳар хил ўйинлар, лотореялар ўйлаб топаётган бечораларга раҳмингиз келади. Уларга қарата: “Шунинг ўрнига озгина пешона терини тўкиб ишласанг, озгина кўз нури тўкиб китоб ўқисанг, элга-юртга фойданг тегади-ку, барака топкўр”, деб ҳайқиргингиз келади.
Бу ҳам ҳали ҳаммаси эмас, хорижлик валломат “акахонлари”нинг бир имдодини кутиб тунларни тонгга улаётган, ўшаларнинг арзимаган садақаси эвазига кун кечиришни одат қилиб олган, яна нечовлари чет элларда ўз она Ватанидан нолиб юрган миллатдошларимиз ҳам ўзларини Алпомиш авлоди деб билармикан?.. Алдов йўллари билан содда ҳамюртларини одам савдоси билан шуғулланувчи манфур кимсалар қўлига топшириб келаётганлар-чи?
Бундай ялтоқилик, хушомадгуйлик, ҳаёсизлик, амалпарастлик ва бошқа-бошқа иллатлар қаердан келди, ўзи бу юртга. Қайчи мамлакатдан экспорт қилинди?
Педагог олимларнинг фикрича, инсон бутун умри давомида олган тарбиясининг тўқсон фоизини беш ёшга тўлгунга қадар олар экан.  Шунга мувофиқ, инсоннинг характери ҳам беш ёшга қадар саксон фоиз шаклланар экан. Халқимизнинг ”Бўлар бола бошидан”, дегани шу экан-да. Табиийки, бола бундай кичик ёшида онаси ёнида бўлади. Демак, бизга Барчиной-у Қалдирғочдай оналар керак. Негаки, ўтюрак оналаргина фарзандлари қалбига чўғ ташлаб, уларни  маънан  юксалтиришга қодирдир.    
Етти йил зиндонда ётган Алпомиш озодликка чиқиб, қалмоқлар юртида адолат ўрнатиб, уларга Кайқубодни хон кўтариб, юртига қайтади. Ўз мулкида юз берган фитналарнинг асл сабабчилари кимлар экани ҳамда дўст-душманни таниб олмоқ қасдида ўзини танитмасдан Қултой қиёфасида юрганида уни Қултой деб билган ўғли Ёдгорбек бундай деб дардини ёради:
                        Асли ўзим додбонбийлик тўраман,
Гул энамни қандай унга бераман,
Гул энамни Ултонтозга берган сўнг,
Не бет билан Қўнғирот элда юраман?!
Алпомиш қалмоққа кетганида у онасининг гумонаси эди. Шу ҳисобда, ҳали етти ёшга тўлиб-тўлмаган болакай Гулдай онамни Ултонтоз деган қулга бергудек бўлсам, қайси юзим  билан Қўнғирот элида юраман, бош кўтариб юргулигим қоладими?!” дея орланяпти. Мана бўлар боланинг ташвиши, дарди, орпарастлиги.
Ҳозирда миллий истиқлол мафкураси тамойиллари ишлаб чиқилиб, давлат ва жамоат ташкилотлари ана шу мафкурани тарғиб этаётган, ўқув юртларида бу фандан дарс ўтилаётган бир ҳурлик замонида хотин-қизларини бозорга чиқариб қўйиб, уларнинг меҳнати эвазига қават-қават уйлар қуриб, “Нексия”-ю, “Матиз”лар миниб кариллаб юрган акахонлар, ор-номус, қадр-қиймат учун курашишдан маъно кўрмаган биродарларни қандай оналар тарбиялаб вояга етказган экан?  
Юқорида мисол келтирганларимиз, Ўзбек халқ оғзаки ижодидаги биргина достон ва шу достондан дафъатан ёдимизга келиб қолганлари, холос, Фикримизча, шунинг ўзиёқ миллатимизнинг ор-номуси қанчалик юқори бўлганига яққол далилдир. Аждодлардан мерос хазиналарни титкилайверсак, улар ор-номусини ширин жонидан азиз билганига қайта-қайта гувоҳ бўлишимиз табиий.
Ғурурсизлик, инсонинг ўз қадр-қийматини топташларига йўл қўйиши  Ислом шариатида ҳам қаттиқ қораланади. Олимларнинг эътирофича, айрим диний таълимотларда “ким сенинг ўнг юзингга тарсаки туширса, чап юзингни ҳам тутиб бер”, (Матто “Инжили”) дейилади. Ислом чақириғи эса ҳақиқий инсон қалбининг чақириғидир. Табиийки, ёмонликка дучор бўлган кишига қасос олиш ҳаққи берилса, унинг қалби тинчланади. У ҳақ юзасидан бир ишни қилишга рухсат олади, сўнгра шу ҳақ эгасини ”қасос олишдан кўра афв қилиш яхши” деган фикрга кўндирилса, албатта, у қилади. Ҳеч шубҳа йўқки, инсон қасос олишга имкони бўла туриб, афв қилса, бу раҳмат ва иззатдан келиб чиққан афв бўлади. Аммо уни аввал бошдан афв қилишга даъват қилинса ва қасос олиш ҳуқуқи берилмаса, (бошқа динлардагига ўхшаб), у бунга кўнган тақдирда ҳам, барибир, ичидан ёмон кўриб кўнади. Ўзининг иззат-нафси камситилганини, ғурури топталганини ҳазм қила олмагани боис кечирдим деган одамини барибир ёқтирмай юради. Негаки, бу ноиложликдан афв қилишдир. Исломдаги афв эса қасос олиш имкони бўла туриб афв қилишдир. Шу боисдан Исломдаги афв кўп ҳолатларда ўзаро келишай юрган тарафларнинг дўстлигига айланади.
Инсоний ғурурни сақлаш борасида тариқат шайхлари ниҳоятда юксак матонат кўрсатгани тарихий ва адабий манбалар орқали бизгача етиб келган. Жумладан, Фаридиддин Аттор “Мантиқут тайр” асарида Мансур Халложнинг қатл этилишини Ҳудҳуд тилидан қуйидаги мазмунда ҳикоя қилади: ”Аналҳақ” дегани боис ўлимга ҳукм қилинган улуғ шайхни дорга осишдан олдин қўл-оёқларини кесишади. Кесилган жойдан тирқираб қон оққани боис У зотнинг ранги сарғая бошлайди. Шунда
Сурди кесик қўлларни юзга ул,
Қон сўраркан юзга, дерди ўзга ул:
Эр киши гулгунаси шу тоза хун,
Гулгун этгум юзимни мен бугун.
Кўрмасин сарғайганимни бир касе,
То қизил юз бирла тургаймен басе.
То биров сарғайганимни кўрмагай,
Қўрқди Халлож деб хаёлга бормагай.
Йўқ менинг жонимда қўрқувдан асар,
Юзларимга гулгуна сурсам етар.
Эр киши гар дорга тикса бошини,
Шер бўлиб этгай аён бардошини.
(Фаридиддин Аттор. Мантиқут тайр. “Фан”, 2006, 200-бет). Мана эр кишининг иши. Эр киши ўзининг лафзини ана шундай ҳимоя қилмоғи даркор.
Инсоннинг шаъни, қадр-қиймати  унинг нафсидан нечоғлик улуғлигига бадиий адабиётимизда мисоллар бисёр. Кўп узоққа бормайлик, барчамиз севиб мутолаа қиладиган “Ўткан кунлар” романида бунга жуда чиройли мисол бор: асарнинг “Хайрихоҳ қотил” бобида Отабек ёлғиз ўзи тунда уч нафар  қаттол душман билан урушиб, уларни мағлуб этади. Сўнг эса уй эгаларига билдирмай Тошкентга қайтиб кетади. Шу кўйи жонидан азиз бўлган муҳаббатини уч ой қарама-қарши фикрлар гирдобида ҳадик аралаш кутади.
Ваҳоланки, Отабекка душманидан ўч олиш ёки хавфни бартараф этишнинг жуда қулай йўли бор эди: айтайлик, у қалтис вазият туғилишини билганидан сўнг воқеа жойига ёлғиз келмасдан ёнига уч-тўрт нафар йигит ёллаши, бундан хонадон соҳибларини ҳам хабардор қилиб қўйиши, хавф-хатардан фориғ бўлгач,  қиш-қировли кунларда  отда бир неча кун йўл юриб Тошкентга қайтиб келмасдан ўзини вафодор ёри Кумушбибининг бағрига отиб ҳузур-ҳаловат топиши мумкин эди. Шундай қилган тақдирда ҳам у шон-шарафларга бурканар эди.
Ё бу осон тадбирларни Отабек билмаганми?  Ҳамма гап шундаки, Содиқнинг уйида тузилган манфур режадан хабардор бўлганда унинг ҳам хаёлидан шу фикрлар ўтган: “... Душанба кун кечаси бир эмас, уч душман билан кураш тўғрисидағина ўйлар эди. Бу бирга уч масала бироз миясини қотирған: киишлар ёллаш, ҳукуматка билдириш, қутидорни хабардор қилиб қўйиш мулоҳазаларигача келиб еткон бўлса ҳам, аммо иззати нафси бу қўрқоқликка тамоман зид турар эди. Бора-бора бу мулоҳазасини тамоман кўнглидан чиқариб ташлади; на кишилар ёллайтурған, на ҳукуматга билдиратурған ва на қутидорни хабардор қилатурған бўлди. Чунки рақиб билан дилдорнинг уйи орқасида танҳо олишмоқ, ёр оёғи остида қонлик тупроққа қоришмоқ — унинг учун жуда лаззатлик ва шоирона туйила бошлаған эди. Саройга кирар экан ўзича: — Ширин ўлим, — деб қўйди” (Абдулла Қодирий. Ўткан кунлар. Т., “Шарқ”, 244-бет).
Воажаб, инсон ўз шаръий рафиқасининг, кўйида йиллаб саргардон бўлган севгилисининг нафаси эшитиладиган даражада яқин жойда унинг номусини ҳимоя қилмоқ учун жонини гаровга қўйиб қон тўкади. Кейин эса уйга кириб, ҳамма-ҳаммасини айтиб бермасдан Тошкентга қайтиб кетади. Алпомишда ҳам худди шундай ҳол юз берган. У ҳам дўсти Қоражоннинг ёрдамидан фойдаланиб гумонаси билан қолган ёрининг дийдорига ошиқмайди. Нега? Чунки инсоннинг шаъни, қадр-қиймати ҳатто муҳаббат соғинчларидан ҳам улуғ. Борди-ю, Алпомиш ёки Отабек орсиз йигитлар сирасидан бўлганда минг марта зўр паҳлавон бўлганларида ҳам ҳеч қачон Барчиной ва Кумушбибининг муҳаббатини қозона олмас эди.
Нафсиламрини айтганда, ғурурсиз каслар ҳамма замонларда, барча миллатларда бўлган. Ана шуларнинг касофати уриб инсоният бир неча бор талотумларни бошидан кечирди. Вақти-вақти билан бундай кимсалар ўз Ватанининг дарвозаларини душманга очиб берган, миллатдошларининг, ватандошларининг қонини тўккан. Охир-оқибат ўзлари ҳам кўзларига жилвакор кўринган дунёни тарк этган. Ҳеч шубҳасиз айтиш мумкинки, паймонаси тўлган чоқда уларнинг ҳар бири инсонлик шаънига муносиб ҳаёт кечирмагани учун пушаймон еган. 
Лекин ўзининг орсизлиги билан фахрланадиган одам билан ҳаётда юзма-юз бўлиш нақадар аянчли ҳодиса. Шу вақтга қадар бундай кимсалар нари борса Шекспир асарларидагина учраши мумкин. Улар ҳам фожеавийликни кучайтириш учун муаллиф томонидан ўйлаб топилган мажозий образлардир, деган фикрда эдик. Тақдирнинг “иноятини” қарангки, бундай “шон-шарафга бурканган” каслар билан ҳам учрашдик.  
Шу воқеадан сўнг инсон умрнинг мазмуни ҳақида кўп ўйлайдиган бўлдим. Ва ниҳоят шундай хулосага келдимки, умримиз шунчалар қисқа эканки, ҳатто уни ор-номусдан кечиб ёлғон-яшиқ, турланиш-у тусланишларга булғаб ташлашга арзимас экан. Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратлари айтганидек:
                                    Ё аслинг каби кўрингил,
                                    Ё кўринганинг каби бўл!
87 marta o`qilgan
 
© Вебсайт агентства www.gzt.uz создан при содействии Общественного фонда поддержки и развития независимых печатных СМИ и информационных агентств.
Адрес электронной почты: gzt@inbox.ru
Разработка и хостинг UZINFOCOM, Система управления сайтом MANAGER