Русский | O'zbekcha | English
Bosh sahifa Loyiha haqida Arxiv Murojaat uchun
 
 
Siyosat
Iqtisodiyot
Xorij xabarlari
Madaniyat va sport
Hodisalar
Analitika
Foydali saytlar

Центр развития и внедрения компьютерных и информационных технологий

Валюта









Analitika

Роғун ГЭСи: фойдами, зарар?
31 Mart 2010 07:50
www.gzt.uz - Дамин ЖУМАҚУЛОВ, журналист.   Қуруқ иқлимга эга бўлган Осиё, хусусан, Марказий Осиё минтақасида қадим замонларданоқ сувнинг ҳар бир томчиси қадрланган, бир қатраси увол қилинмаган. Лекин кейинги йилларга келиб тор манфаатлар гирдобида қолиш, узоқни кўра билмаслик оқибатида сувдан фойдаланиш борасида кўплаб муаммолар келиб чиқмоқда.
1994 йил Қирғизистондаги Тўхтағул сув омбори энергетик-ирригация  режимига ўтиши оқибатида октябрь, март ойларида чиқарилиши лозим бўлган меъёрдаги 2,5 км3 ўрнига сув омбордан деярли тўрт баробар  кам сув чиқарилмоқда. Натижада Сирдарё ўзанида жойлашган Қайроққум ва Чордара сув омборлари январь, февраль ойларидаёқ тўлиб қолмоқда. Ортиқча сувни Чордара сув омборидан қуйига, дарё ўзанига ташлаб юбориш мумкин эди. Чунки Сирдарё шимолга қараб оқишини (қуйи қисмида қишнинг қаттиқ бўлиши натижасида дарёда оқаётган сувнинг музлаб қолишини) эътиборга олсак, Чордара сув омборидан дарёнинг пастки қисмига қиш фаслида секундига 400 м2дан ортиқ сув ташлаш мумкин эмас. Ортиқча сув ташланган тақдирда қўшни Қозоғистоннинг Қизил-ўрда шаҳри ва дарё ёқасида жойлашган қишлоқларини сув босиш хавфи туғилади.
Биология фанлари номзоди Ўғулшот Алланазарованинг айтишича, Ҳайдаркўлнинг таъсирида 2005 йилга қадар 2,5 миллион гектар ер яйловлик хусусиятини йўқотган.
Бу бизнинг биргина Сирдарёдан кўраётган зараримиз. Энди Амударё масаласига келсак, бу масалада биринчи галда туғиладиган савол шуки, бу қурилишдан Тожикистон давлатининг ўзи фойда кўрадими? Нима учун ўтган асрнинг 80-йилларида бошланиб кейин тўхтаб қолган қурилиш айни ўша мезонларда — қирқ йил олдин тайёрланган, ҳозирги кунга келиб барча жиҳатдан эскирган лойиҳа асосида давом эттириладиган бўлиб қолди? Нима учун қурилиш бошланган 1985-86 йилларда унинг қурилишига қарши бўлганлар бугун айнан шу қурилишнинг ўша андозларда қурилиши давом эттирилишини қўллаб-қувватлашмоқда?
Ана шу саволлар минтақада яшайдиган, ўз халқининг тақдирига бефарқ бўлмаган бирорта фикр эгасига ором бермаслиги шубҳасиз.
Мутахассисларнинг фикрича, Роғун ГЭСининг қурилишига уч миллиард АҚШ доллари ҳажмида маблағ керак бўлади. Бундай катта маблағ Тожикистондек иқтисоди заиф давлатга хийла оғирлик қилади. Масаланинг шу жиҳатини ҳисобга олган тожикистонликлар ошкора таваккалга қўл урмоқда. Уларнинг айтишича, бу ГЭС Тожикистон учун ҳаёт-мамот масаласидир — ГЭС қурилиб ишга тушса, Тожикистон минтақда гигант давлатга айланади, борди-ю, сув омборининг 10 балли сейсмик ҳудудда ҳамда тектоник ёриқлар линиясида жойлашгани панд бериб сув омбори ва ГЭС вайрон бўлса, мамлакат иқтисодий жиҳатдан кучли инқирозга юз тутади. 
Яна улар айтмоқдаки, Вахш дарёси трансчегаравий дарё эмас. Ундан Тожикистон ўзи истаганича фойдаланиши мумкин. 
Бу нарсалар катта моддий бойлик васвасасига учрагани оқибатида кўзини шира босган кишиларнинг хомаки режалари, орзу-ҳаваслари. Бироқ манзарани четдан ақл кўзи билан кузатиб бораётган одамларнинг фикри бутунлай ўзгача.
Уч миллиард АҚШ доллари талаб қиладиган қурилиш Тожикистоннинг ўз ҳисобидан қурилишини тасаввур қилиш қийин. Бунинг учун Жаҳон Банки ва бошқа давлатлар ва компанияларнинг иштироки зарур. Улар эса келажаги хатарли бўлган ишга бош қўшишдан ўзларини тортиши шубҳасиз. Жумладан, Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Филипп Ле Уэйр Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга юборган мактубида Роғун ГЭСида Жаҳон Банкининг сув омборлари ва гидролойиҳалар бўйича юқори малакали мутахассислари томонидан экперт ўтказилишини маълум қилган.
17 март куни Тошкентда Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Ўзбекистонга ташрифи якунида ўтказилган матбуот конференциясида Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев Тожикистондаги Роғун ва Қирғизистондаги Қамбарота ГЭСларининг халқаро экспертлардан ўтмай туриб қурилиши давом этишига қарши эканини, агар эксперт ўтказилиб ижобий хулосага келинса, Ўзбекистон ва Қозоғистон бу қурилишларга молиявий жиҳатдан ёрдамга тайёр эканини баён қилди.
Россия бош вазирининг биринчи ўринбосари Игорь Шувалов Тожикистонга ташрифи чоғида Имомали Раҳмонов билан учрашгандан сўнг ўтказган брифингда Россиянинг Марказий Осиёдаги энергетика соҳасидаги қурилишларда кўмакка тайёр экани, аммо бунда минтақадаги қўшни давлатларнинг ҳам манфаатлари эътиборга олиниши зарурлигини айтди.
Бу ҳақда оммавий ахборот воситаларида яна кўплаб соҳа мутахассисларининг фикрлари чоп этилмоқдаки, уларнинг барчасида Роғун  ГЭСининг қурилиши фойдадан кўра зарари кўп бўлиши айтилмоқда.
Бу маълумотлардан аён бўладики, Роғун ГЭСининг бу тарзда шошма-шошарлик билан қурилишини ҳеч ким қўллаб-қувватламайди.
Энди қурилишнинг сифатсизлиги боис келиб чиқадиган фалокат масаласига келсак, бундан Тожикистон фақат иқтисодий зарар кўриш билан чекланмайди. Суғд вилоятини ҳам сел олиб кетади, ва, асосан, Ўзбекистоннинг кўплаб шаҳар ва қишлоқлар сув остида қолади. Миллионлаб кишиларнинг ҳаёти билан ўйнашаётган Тожикистон ҳукумати ўшанда нимани дастак қилади? Табиий офатними?!
Вахш дарёси Тожикистон ҳудудида жойлашган бўлса-да, у Амударёнинг асосий ирмоқларидан бири ҳисобланади. Нурек ва Роғун сув омборлари Амударёнинг 25 фоиз сувини ушлаб қолади. Бунинг оқибатида шундоқ ҳам қуриб бораётган Орол денгизига сув қуйилиши янада камайиб кетади. Натижада тобора қулоч ёзиб бораётган чўлланиш жараёни секин-асталик билан бутун Марказий Осиёни қамраб олади. Инсоният яралгандан буён гуллаб-яшнаб келаётган, асрлар давомида бутун дунёнинг гавҳари бўлиб келган минтақанинг шўр босган, туз ва қум зарралари учиб юрган қип-қизил саҳрога айланишидан ким манфаатдор ўзи?..
Ўзбекистон ҳукумати Роғун ГЭСининг қурилиши халқаро экспертлар томонидан  пухта ўрганилиши даркор деган талабни қўяр экан, аввало, ана шу минтақада асрлар давомида аҳил-иноқликда яшаб келган халқларнинг келажаги тўғрисида, она табиатни сақлаб қолиш борасида қайғурмоқда. Бироқ фақат бугунни кўраётган айрим ховлиқма кишилар эса бунга сиёсий тус беришга уринмоқдаки, шу билан ўзларининг асл ниятларини хаспўшлашга ҳаракат қилмоқда. Лекин бу билан муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди-ку.
87 marta o`qilgan
 
© Вебсайт агентства www.gzt.uz создан при содействии Общественного фонда поддержки и развития независимых печатных СМИ и информационных агентств.
Адрес электронной почты: gzt@inbox.ru
Разработка и хостинг UZINFOCOM, Система управления сайтом MANAGER