Сайловолди ташвиқоти сайлов жараёнининг муҳим босқичи
16 Dekabr 2009 21:48
www.gzt.uz - Ўзбекистон Республикасининг сайлов қонунчилигида сайловолди ташвиқоти билан боғлиқ ҳуқуқий асослар мустаҳкамланган бўлиб, улар мазкур тадбирнинг тенг, адолатли, очиқ ва ошкора мезонлар асосида олиб борилишини тўла кафолатлайди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги ва бошқа қонунларида сайловолди ташвиқотини амалга оширишга доир талаблар мустаҳкамланган.
“Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-моддасига мувофиқ, сайловчилар умумхалқ овозига қўйилган қарорларни, ҳокимиятнинг вакиллик органларига кўрсатилган номзодларни ёқлаб ёки уларга қарши ташвиқот юритиш ҳуқуқига эгадирлар.
“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 27-моддасига мувофиқ, сайловолди ташвиқоти депутатликка номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан бошланади. “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 25-моддасига биноан депутатликка номзодларга, сиёсий партияларга оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг ҳуқуқ берилади.
Бундан ташқари, сиёсий партияларга, депутатлика номзодларга ўз сайловолди дастурларини жамоатчиликка етказишда оммавий ахборот воситаларидан кенг ва тенг фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Концепцияда ҳам белгиланган.
Халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларда сайловолди ташвиқотини олиб бориш билан боғлиқ бир қатор тамойил ва талаблар белгиланган бўлиб, улар ушбу ҳужжатларни ратификация қилган давлатлар учун мажбурий ҳисобланади ва сайловларнинг тенг, адолатли, очиқ ҳамда ошкора ўтказишни таъминлашга хизмат қилади.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пакт, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Инсонийлик мезонлари бўйича Копенгаген ҳужжати, Парламентлараро Иттифоқ Кенгаши қабул қилган “Эркин ва адолатли сайловлар мезонлари тўғрисида”ги Декларация ва бошқа бир қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда сайловчилар, депутатликка номзодлар ва сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқотини юритишга бўлган ҳуқуқлари кафолатлари назарда тутилган.
Хусусан, Парламентлараро Иттифоқ Кенгашининг 1994 йил 26 мартдаги 154-сессиясида қабул қилинган “Эркин ва адолатли сайловлар мезонлари тўғрисида”ги Декларацияси ҳамда Европада ҳавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг 1990 йил 29 июндаги Копенгаген конференцияси ҳужжатида “Ҳар бир номзод ёки сиёсий партия сайловларда ўз сиёсий ғоя-қарашларини ифодалашда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг имкониятларга эга бўлиш лозимлиги” ҳамда “давлат органлари томонидан сайлов кампаниясини давлат ва жамоат оммавий ахборот воситалари томонидан холисона ёритилиши, “Давлатлар сайлов кампанияларида партия ва номзодларнинг ғоя-қарашларини эркин ифода этишлари ҳамда сайловчилар номзодларнинг сайловолди дастурлари билан эркин танишиши, муҳокама қилишлари ва овоз беришлари учун қонун қабул қилишлари ва давлат сиёсатини юритишлари зарурлиги” каби талаблар белгиланган.
Сайловолди ташвиқоти – сайловда иштирок этувчи номзоднинг билим-салоҳияти, ҳокимиятга бўлган интилиши ва бу борадаги ҳаракат дастурининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш орқали сайловчиларнинг ишончини қозониш ва маълум бир номзодга овоз бериш мақсадига қаратилади.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва сайлов қонунчилигининг асосий вазифаси сиёсий курашнинг адолатли, холисона, очиқ ва ошкора олиб борилиши учун барча номзодларга тенг имконият ва кафолатларни яратиш орқали фикрлар эркинлиги ва хилма-хиллиги асосидаги соғлом рақобатни таъминлашдан иборат.
Сайловолди ташвиқотининг қандай ўтказилганлигига боғлиқ равишда сайлов якунлари ҳал бўлишини ҳисобга олсак, ушбу жараён орқали сиёсий партия ўз дастурининг йўналишлари, сайловда қатнашиш стратегияси ва тактикасига тегишли ўзгаришларни киритиш имкониятига ҳам эга бўлади.
Номзодларнинг сайловолди ташвиқоти дастури бугунги реал ҳолатдан келиб чиқиши, мавжуд ижтимоий-иқтисодий масалаларни муваффақиятли ечишнинг муқобил йўлларини таклиф эта олиши лозим.
Сиёсий партияларнинг сайловдаги муваффақиятини белгиловчи муҳим омиллардан бири – бу сайловолди ташвиқотини олиб боришнинг тўғри усулларини танлай билишдир. Зеро, сиёсий партиялар ва улар кўрсатган номзодлар сайловолди ташвиқоти жараёнида халқимиз менталитетига хос тарзда оғир, вазмин ҳаракат қилсалар уларнинг электорат олдидаги обрўси ҳам шу қадар ортиши табиий. Депутат бўлишни истаган одам, аввало, ҳалол-поклиги, маънавий етуклиги, теран билими, қобилияти, эл-юрт манфаатини шахсий манфаатидан устун қўйиши билангина сайловчиларнинг ишончига сазовор бўлиши мумкин.
Қонунчилик ва миллий амалиётда сайловолди ташвиқоти ўтказишнинг муайян шаклларига кўра номзодларнинг сайловолди дастурларини сайловчилар олдида бевосита чиқиш орқали етказиш, оммавий ахборот воситалари вакилларига интервьюлар бериш, матбуот анжуманларини ўтказиш, сайловолди дебатларида иштирок этиш, давра суҳбатлари ўтказиш ва сиёсий рекламалар орқали амалга оширади.
Сайловолди ташвиқотини ўтказишда холисона ёндашувни таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий масалалар ечимининг замонавий, самарали ва муқобил йўлларини кўрсата билиш, сайловчиларни унга ишонтира олиш муҳим аҳамиятга эга. Ўз навбатида, сайловолди ташвиқотнинг маданий усулларидан фойдаланиш, қонун талабларига қатъий риоя этиш ҳамда рақобатчи номзодларнинг шаъни, қадр-қимматини ҳурмат қилиш ҳам талаб этилади.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, миллий сайлов қонунчилигимизда сайловолди ташвиқотини амалга ошириш шакл ва усулларини самарали қўллашга имкон берадиган ташкилий механизмлар яратилган.Бу ўз навбатида, бўлажак сайловларнинг ҳаққоний, холис, очиқ ва ошкора, адолатли тарзда ўтишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Б.Т.Мирзараимов,
Тошкент Давлат юридик институти тадқиқотчиси
93 marta o`qilgan











