Русский | O'zbekcha | English
Bosh sahifa Loyiha haqida Arxiv Murojaat uchun
 
 
Siyosat
Iqtisodiyot
Xorij xabarlari
Madaniyat va sport
Hodisalar
Analitika
Foydali saytlar

Центр развития и внедрения компьютерных и информационных технологий

Валюта









Analitika

Сериал, тарих, реклама
16 Yanvar 2010 06:19
“Сарой жавоҳири” телесериалини томоша қилганда кореяликларнинг тарихий мавзудаги телесериалларни жуда катта маҳорат билан яратганига қойил қолиб, бир неча кун ана шу телесериал таъсирида юрган эдик. Аммо ундан кейин намойиш этилган “Жумонг”, “Шаҳзоданинг қўшиғи” каби бир неча телесериаллар биз ўйлаган катта маҳоратни кичик шубҳа остига қўйди.
 
Аммо бу телесериалларнинг қандай жозибаси борки, одамлар барибир кўз узмай томоша қилаверади. Фикримизни бугун кўплаб юртдошларимиз “Ёшлар” телерадио канали орқали ўзгача бир иштиёқ билан кўриб бораётган “Шерюрак” телесериали мисолида давом эттирсак. Мазкур телесериал юзасидан пайдо бўлаётган эътирозларни билдиришдан олдин унинг тарихий ҳақиқатга қанчалик мос эканига қисқача тўхталиб ўтишни лозим топдик.
Бунинг сабаби шундаки, телесериални халқ томоша қилмоқда. Ана шу томошабинларни бу воқеалар тарихий ҳақиқатга қанчалик мос экан деган савол ўйлантирмоқда. Шунингдек, телесериалда мақтанчоқ, лақма, ёввойи қароқчи сифат қилиб тасвирланган Кўк-турклар аслида ким бўлган ўзи? деган савол ҳам томошабинни қизиқтирмоқда. Бу саволга жавоб топиш учун Тан империясининг тарих саҳнасига чиқишига қисқача тўхталиб ўтмоқ лозим бўлади. Ўзбекистон Миллий Энциклопедиясининг 8-жилдида бу ҳақда қуйидагича маълумот берилган. ”Маркази Ўтукан водийси (Мўғулистон) бўлган Шарқий турк хоқонлиги Шиби хоқон (609 — 619) даврида Хитой (Суй) империясига қарши жанг олиб борди. У 615 йилда хитойга қарши юриш қилиб Яймин (Ордос) вилоятида император Яндини қуршовга олади. Яйминдаги 41 қалъадан 39таси Турк хоқонлиги қўлига ўтади. 618 йилда СУй сулоласини ағдариб, унинг ўрнини эгаллаган Тан сулоласининг ишларига ҳам Шиби хоқон аралашади. У бу пайтгача Шарқда кидан (сериалдаги хитан) ва ишвей қабилаларини, Жанубий Ғарбда Тугухун (Тогон) давлати ҳамда Турфон ўлкасини буйсундиргач, Хуанхе дарёсини кечиб ўтиб, Хитой ҳудудига кирган вақтда вафот этади. Тахтга Эл-хоқон (Хитой манбаларида Хйелихон: 620-630) ўтиради ва ўн йил давомида, асосан, Хитой билан кураш олиб боради. 2 марта 624-626 йилларда пойтахт Чанъани қуршаб олади. Унинг ўлимидан сўнг Шарқий Турк хоқонлиги 50 йилга яқин Хитойга қарам бўлиб қолади”.
Тан сулоласи қандай қилиб Суй сулоласини тахтдан ағдаришга эришди? Чунки ўша вақтда Шарқий Турк хоқонлигининг тинимсиз қўшин тортиб келавериши натижасида мамлакат парокандаликка юз тутган, ҳокимият тизимида бошбошдоқлик авж олган, салтанат бошқаруви қўлдан чиқиб кетган. Шунингдек, Тан сулоласининг тахтга чиқишига ташқи кучларнинг ҳал қилувчи таъсири бўлган.  ЎзМЭнинг 9-жилдида баён қилинишича, “618 йилда Тан сулоласи (618-907) ҳокимият тепасига келди. Айрим маълумотларга кўра, этник жиҳатдан Тан сулоласи туркларга алоқадор бўлгани сабабли мазкур сулола турклар томонидан қўллаб-қувватланди. VII аср охирида Тан империяси ҳарбий жиҳатдан юксалди, босқинчилик урушлари олиб борди. 630 йил Шарқий Турк хоқонлиги, 657 йил Ғарбий Турк хоқонлигига зарба берилиши натижасида Шарқий Туркистондаги давлатлар 100 йилга яқин Хитойга қарам бўлиб қолди”.
  Шу ўринда Миллий Энциклопедиянинг икки жилдидан жой олган икки маълумот ўқувчида иккита савол уйғотади. Биринчиси, Тан сулоласининг туркларга қандай яқинлиги бор эди?
Атоқли туркшунос олим Л.Н.Гумилевнинг “Древние Тюрки  (Қадимги турклар)” китобида келтирилишича, Тан империясининг асосчиси Ли Юан хитойлашган турклардан бўлган. Шунинг учун ҳам  Шиби хоқон унинг тахтга ўтиришига ёрдам қилган ва салтанат ишларига аралашган.
Иккинчиси, 8-жилдда Шарқий турк хоқонлиги 50 йилга яқин Хитойга қарам бўлиб қолди, деб ёзилса, 9-жилдда 100 йилга яқин деб ёзилган. Бу маълумотларнинг қайси тўғри?
Тарихчи Насимхон Раҳмоннинг “Турк хоқонлиги” китобидаги мана бу ёзувларга диққат қилинг: “...Турк қўшинлари ҳам ана шу эллик йил давомида Хитой императорининг манфаати йўлида хизмат қилдилар. Хитой томонида туриб бир қанча урушларда қатнашдилар: “Эллик йил меҳнатини, кучини сарф қилибди, шарққа — кунчиқарга Бўкли (Шимолий Қурия — Н.Р.) хоқонига лашкар тортиб борибди, ғарбга Темур дарвозага лашкар тортиб борибди. Табғач (Хитой) хоқонга уларнинг давлатини, ҳукуматини олиб берибди (Кту.8)”.
Бу маълумотни туркиялик олим Усмон Туроннинг “Туркий халқлар мафкураси” асари ҳам тасдиқлайди: “Билга хоқон миллатнинг асоратдан халос бўлиши ва иккинчи Кўк-турк давлатининг қурилиши тўғрисида (681) йилда сўзларкан: “Турк тангриси турк миллатининг номи ва шони йўқ бўлмасин дея отам Хоқон (Қутлуғ) билан онам Хотунни юксалтирди. Энди эса мени тахтга чиқарди. Мен оч ва яланғоч халқнинг хони бўлдим. Турк миллати учун кундузи ўтирмадим, кечаси ухламадим, ўларчасига ишладим. ... Тангрининг ёрдами билан ўлаётган миллатни қайта тирилтирдим. Яланғоч халқни кийинтирдим, йўқчил халқни бойитдим, озайиб қолган миллатни кўпайтирдим. Туркларнинг бошқа миллатлар ўртасидаги мавқеини юксалтирдим. Тўрт тарафдаги миллатларни сулҳ тузишга мажбур қилдим”. 
Билга хоқон битигтошидаги бу маълумотларда ҳам 50 йилга яқин асорат ҳақида гап боряпти. Демак, турклар хитойлик босқинчилар зулми остида 630 йилдан 670 йилнинг охирларига қадар кун кечирган.
Ана энди Кўк-турклар масаласига келдик. Телесериалда ёввойи бир кимсалардек тасвирланган Кўк-турклар кўкдаги ягона Тангрига сиғингани учун шу ном билан аталган.  Бу ҳақда Зеофилактос бундай деган: “Турклар ерларнинг ва кўкларнинг холиқи бўлган ягона Тангрига ишонишади. Унга сиғиниб, қурбонлик қилишади”. Бартольд эса “Эски туркларда миллий виждоннинг шаклланганига шубҳа бўлиши мумкин эмас”, деб ёзган. Кўк-турклардан мерос қолган битигтошларда миллий шуур, демократик руҳ, инсонпарварлик, миллатпарварлик туйғуси, жаҳонга ҳокимлик ғояси билан суғорилган. Дунёнинг барча миллат-у элатлари турли жонли-жонсиз махлуқлардан ҳар бири ўзига “худо” ясаб олиб, уларга сиғиниб, ҳатто қизларини, болаларини қурбонлик қилиб юрган вақтда Кўк-турклар ягона Тангрига сиғинган, тўғри йўлда бўлган. Шундай улуғ миллатга мансуб саркарда ва унинг одамлари истибдод йилларида ҳам Тан империяси истилочиларига бўйин эгмаган, тутқич бермасдан курашни давом эттирган, уларни бир неча бор мураккаб вазиятга солиб қўйган. Ана шу жасур саркарда ва унинг сафдошларини бу қадар лақма ва маданиятсиз йўсинда тасвирлаш қанчалик адолатдан бўлар экан?!   
VII асрнинг ўрталарида Корея ҳудудида учта давлат бўлган. Булар жанубий-ғарбий ярим оролдаги Пекче қироллиги, жанубий-шарқда Япон қароқчиларидан муттасил азият чеккани сабабли Хитой билан иттифоқ тузишга мажбур бўлган Силла қироллиги ва шимолда жанубдаги икки қироллик билан душманлик кайфиятида бўлган ва манжуриядаги қабилалар билан иттифоқ тузган — Гогурё ёки Корея эди. Кучли, мунтазам армияга эга бўлган бу қироллик Суй империясининг тўртта ҳужумини қайтарган. Шунинг учун Тан империяси бу қироллик билан дўстона алоқада бўлишга мажбур эди. Аммо 642 йилда Гогурёда давлат тўнтариши юз беради. Гай Су-вин деган кимса ҳарбийларга таяниб ҳокимиятни қўлга олади ва амалдаги қиролни ўлдиради.
Бу воқеалардан хабардор бўлса ҳам Тан империяси Гогурёнинг ички ишларига аралашмайди. Лекин Гай Су-вин 643 йилда Пекче билан иттифоқ тузиб Силлага қарши уруш эълон қилади. Хитой императори Тайцзун Гогурёга элчи юбориб бу қарорини бекор қилишни сўрайди. Аммо гогурёликлар элчиларга нисбатан ниҳоятда қўпол муомалада бўлишади. Шундан сўнг Тан империяси Гогурёга қарши қўшин жўнатади ва ўзлари ўйлагандан кўра бир неча баробар қаттиқ қаршиликка учрайди. Узоқ давом этган жангларда катта талофатлар кўриб, бир неча бор омадсизликларга учраб, ниҳоят 668 йилга келиб, орадан 25 йил ўтгандан сўнггина Гогурёни босиб олишга эришади. 
Телесериалда ана шу давр воқеалари ҳамда Корейсларнинг мустақилликни қўлга киритиш учун курашган кезлар тасвирланган. Бу вақтда Шарқий Турк хоқонлиги Тан империяси мустамлакаси эди, Шу боисдан империя Гогурёга сафарбар қилган аскарларнинг катта қисми турк жангчилари бўлган.
Томошабинни қизиқтирадиган масалалардан яна бири сериалнинг марказида турган Хитанларнинг кимлигидир. Улар ҳам давлати ёки қабиласи бошлиғини хоқон деб аташидан маълумки, Хитой ёки Корейс миллатига яқин эмас. Шунингдек, сериалдаги хитойликлар давлати ва Хитой миллати ҳозир бор. Гогурёликлар эса корейслар. Хитанлар кимлар? Уларнинг давлати ва миллати қани? ЎзМЭда уларнинг қадимдан ҳозирги Мўғулистон ҳудудида кўчиб юрган қабила бўлгани айтилади. Бу қабила кейинчалик шу қадар кучайиб кетадики, Буюк Ляо деб номланган қудратли давлат тузади. Ҳатто 1005 йилда Хитойни енгиб, уни ўлпон тўлашга мужбур этади. “XI — аср охиридан Буюк Ляо таназзулга учраб, 1125 йил чжурчжэнлар томонидан тугатилган. Уларнинг бир қисми Ғарбий Туркистонга қоракидонлар (қ.Қорахитойлар) номи билан кўчиб ўтган. Кидонларнинг икки хил ёзуви бўлган. Кидон номидан Хитойнинг русча атамаси (Китай) келиб чиққан бўлиб, у мўғул ва туркий халқлар орқали русларга ўтган” (ЎзМЭ. 4-жилд, 566-бет).      
ЎзМЭнинг  11-жилдида эса Хитанлар Қорахитой номи билан туркий халқлар таркибига сингиб кетган, деган аниқ хулоса айтилган.
Ана энди телесериалнинг ўзи ва унинг таржимаси ҳақида. Бу телесериал шу  “саноат”нинг ўзига хос нозик жиҳатларини тушунмайдиган оддий томошабинда ҳам кўплаб эътирозлар уйғотмоқда. Эътирозларнинг биринчиси шуки, телесериал қаҳрамонларини  вақти-вақти билан душман тараф ҳарбийлари уйма-уй юриб қидириб топа олмайди. Бироздан сўнг бу қаҳрамонлар душманнинг қаршисида турса ҳам, токи, улар ўзини танитмагунча  танимайди.
Бош қаҳрамон Ди Жо Ён ва унинг ёнидаги содиқ кишилари қанча жангу жадалларда қатнашса ҳам на бирортаси ўлади, на ярадор бўлади. Душман тараф ҳам шундай. Уларнинг ҳам саркардалари ва атрофидаги яқинлари доим жангда омон қолади. У ёқ бу ёғига қон сачрайди, холос. Телесериал қаҳрамонларининг тили ҳам ночор, Улар жонли тилда гапирмайди, уларнинг сўзлашуви худди монологга ўхшайди.
Ҳаммасидан чатоғи — телесериал таржимаси. Персонажларнинг ҳаммаси “Фуқароларимиз” деб гапиради. Аммо аёнки “фуқаро” атамаси сўзлашувга мос сўз эмас, аксинча юристларнинг қонун ҳужжатларини тайёрлашида ишлатиладиган сўз. Бирор киши гапирганда “фуқароларимиз” демайди, “одамларимиз” дейди, ҳа, борингки, “юртдошларимиз” дер.
Гапни атайлаб чўзиш учун ишлатиладими “мен буюрган бир ишни амалга оширсанг”(бажарсанг), “Бу иш амалга ошди (битди) деб ўйлайверинг”, “ундан бир ишни амалга оширишни (бажаришни) сўраган эдим”, “нимани кутиб турибсизлар, жазолашни амалга оширинг! (давом эттиринг)” иборалари тинимсиз истифода этилади.
Туфайли сўзининг маъноси шарофати билан деган маънони билдиради. Телесериал қаҳрамонлари эса “Бир оғиз ножўя гапингиз туфайли барчангиз қатл этиласиз”, дейди. (Ё киноя қилдимикан?)
Телесериал ичида у билан деярли тенгма-тенг вақт давом этадиган рекламалар тили эса ундан-да “ажойиб”. “Coldrex” қабул қилинг!” Бир куни эринмасдан рекламалар сонини санадим. Битта сериянинг ўзида 8 та дори (“Ринза”нинг ўзи уч марта қайта реклама қилинди), 6 та кино, 1 та мултфильм, 2 та шоколад, яна 4042га қўнғироқ қилинг, деган нарсалар реклама қилинди.   
Бу гаплар шунчаки бекорчиликдан ёзилгани йўқ. Бу бир томошабиннинг юрагига ботмаган, уни ўйлашга, ёзишга, бошқаларни огоҳликка даъват этишга мажбур қилган масалалардир. Модомики, “Ёшлар” телерадиоканали ходимлари  шу сериални бутун ўзбек халқига тақдим этаётган экан, бироз масъулиятлироқ бўлса ёмон бўлмасди. Сизу биз эса болаларимизга буни томоша қилишни чеклай олмас эканмиз, ҳеч нарса қила олмаймиз. Фақат эртага қизимиз сериал қаҳрамонларига тақлид қилиб, “Дадажон! чой дамлашни амалга оширдим, ичишни амалга оширсангиз бўларди” деб меҳрибонлик кўрсатишидан ёки ўғлимиз “Фалончи мени сўккани туфайли у билан ёқалашдим”  деб ёқавайрон бўлиб келишидан ёхуд турмуш ўртоғимизнинг “Иситмангиз бор-ку, мана, аччиққина мастава, ҳозироқ уни қабул қилинг!” деб қолишидан хавотирга тушиб юраверамиз, холос. 
                                                                                              Дамин ЖУМАҚУЛОВ
148 marta o`qilgan
 
© Вебсайт агентства www.gzt.uz создан при содействии Общественного фонда поддержки и развития независимых печатных СМИ и информационных агентств.
Адрес электронной почты: gzt@inbox.ru
Разработка и хостинг UZINFOCOM, Система управления сайтом MANAGER