Умид — ҳаёт маёғи
26 Aprel 2010 14:34
Дамин Жумақул, журналист. Хоҳиш-истак, орзу-ҳавас, умид моҳиятан бир-бирига яқин атамалар бўлгани боис шууримизга улар синоним тушунчалар деган фикр ўрнашиб қолган. Аслида уларнинг бирининг иккинчисидан озгина фарқли жиҳатлари ҳам бор. Хоҳиш-истак ва орзу-ҳавасни кейинга қолдирайлик-да, мавзумиз бевосита умид ҳақида бўлгани учун шу ҳақда сўз юритайлик.
Содда қилиб айтганда, умид — орзу ҳавасга етиш йўлидаги жараён, яъни орзу муайян обьект бўлса, умид ана шу обьектга элтувчи йўл.
Шуни ҳам эътиборга олиш керакки, умид индивудиал ва жамоавий турларга ҳам бўлинади. Масалан, истибдод зулмида 130 йил яшашга маҳкум бўлган халқимизнинг шу йиллар ичида яшаган вакиллари истиқлолга етишни орзу қилган. Уларнинг қалбидаги умид учқунлари эса юксак орзунинг сўнмаслигини таъмин этган. Ўтган асрнинг сўнгги ўн йиллиги бошида истиқлолни қўлга киритиш орзуси ҳар доимгидан ҳам жанговар касб этди. Бунда умид истиқлол раҳнамолари ва уларга эргашган халқ қалбида таянч вазифани ўтади.
Истиқлолга эришилгандан сўнг озод юртимизнинг мутараққий давлатлар сафидан ўз ўрнини эгаллашига эришиш вазифаси хоҳиш-истакка айланди. Бунда ҳам халқимизнинг бунёдкорлигига, ёшларимизнинг илмга чанқоқлигига, юксак интеллектуал салоҳиятига, мамлакатимизнинг ер ости ва ер усти бойликларига, катта энергия манбаларига эгалигига бўлган ишонч ривожланган давлат қаторига чиқиб олишимизга умид уйғотди. Бунинг натижасида Ўзбекистон фақат ўзига хос бўлган ўз тараққиёт моделини яратди ва қисқа фурсат ичида асрларга хос бўлган ўзгаришлар амалга оширилди.
Бир сўз билан айтганда, умид халқни, индивудни катта ишларга сафарбар этадиган туйғу бўлиш билан бирга у инсоннинг яшовчанлигини таъминлайдиган омил ҳамдир. Дунёда ҳамма тарафдан панд еб, буткул чорасиз қолган кишиларнинг яшашдан, ишлари вақти келиб ўз изига тушиб кетишидан умид узмагани туфайли ишлари яна йўлга тушиб кетганини кўп эшитганмиз, ўқиганмиз, кўрганмиз. Тасаввур қилинг, қалмоқлар зиндонида етти йил қолиб кетган Алпомишнинг қалбида гар заррача умид бўлмаганда достоннинг давоми қай йўсинда давом этарди? У шунча вақт давомида қоронғу ва зах ўрада оч-наҳор етти йил яшай олмас эди.
Алпомиш зиндондан озод бўлишидан умид узмаган, қалмоқлардан тезроқ ўч олишни истаган, ўз юртига ота-онаси, ёр-биродари, оиласи — завжаси Барчиной ва ўғли Ёдгорбек қошига қайтишни орзу қилган, Ана шу истак ва орзунинг амалга ошишига умид замин яратган.
Бу ҳақда изотериклар ҳам қизиқ маълумотлар келтиради. Америкалик олим Бен Жонсоннинг айтишича, соғлиқни сақлаш муассасаларида мижозларга касалликнинг минглаб турлари бўйича ташхислар қўйилади. Лекин бу касалликларнинг келиб чиқиш сабаби битта — асаб тизимида. Агар киши руҳан сиқилса, тушкунликка тушса, асабини бошқара олмай қолади. Жаҳлдан ёки сиқилишдан пайдо бўлган манфий энергия танадаги қайси жойга тўпланиб қолса айнан шу аъзо заифлашиб қолгани оқибатида касалликка чалинади.
Касалликнинг асаб тизими билан боғлиқлигини Кете Гоодман деган аёл бундай ифодалайди: “Врачлар менга кўкрак раки деб ташхис қўйишди. Биласизки, рак — бедаво дард. Шунинг учун ракка чалинган беморлар билан врачлар ҳам дарров хайр-маъзур қилиб (аслида видолашиб) қўя қолишади. Лекин мен бу касаллик билан ўлиб кетишни сира истамас эдим. Ўзимни ўзим даволашга қарор қилдим. Яшашга бўлган умид, ҳаётда мўъжиза кўплигига бўлган ишонч мени шунга ундади. Кун давомида ўзимга ёқадиган ишлар билан шуғулландим: хонадаги гулларни тез-тез янгиси билан алмаштириб турдим, оддийгина чой дамлашни ҳам чиройли идишларга ўзгача иштиёқ-у меҳр билан бажардим, хона пардаларини очиб қуёшга боқардим ва шу ишларни қилиш чоғида тез-тез “шифо топганим учун раҳмат” деб қўярдим, кечалар эса ичакузар комедиялар томоша қилдим, ҳеч қачон кайфиятимни бузмасликка, касалликни эсламасликка ҳаракат қилдим. Кейинги сафар тиббий кўрикка борганимда мени текшириб кўрган дўхтирлар ракдан асорат қолмаганини кўриб ҳайратда қолишди. Ҳа, мен бу касалликдан ҳеч қандай дори-дармонларсиз, лазер нурларисиз жуда осонгина халос бўлган эдим”.
Умуман олганда, умид ҳақида мақола ёзиш эмас, унга атаб қасида битиш керак. Чунки умид инсонни яшашга ундаб турувчи куч бўлиш билан бир қаторда у жаннат ва дўзах орасини ажратиб турувчи фарқлардан ҳам биридир. Чунончи, Иблиснинг умиди кесилган. Бу дегани Шайтон қанчалик тавба-тазарру қилмасин, у ҳеч қачон жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди демакдир. Одам боласининг ҳукми эса бошқачароқ. Инсон жони бўғзига келгунга қадар тавба қилса, унинг гуноҳлари кечирилиши ҳақида Аллоҳ таолонинг ваъдаси бор. Демакки, ҳар қандай ҳолатда ҳам умид йўлдоши бўлган киши албатта кўзлаган мақсадига етади. Айниқса, ана шу мақсад олийжанобликка йўғрилган бўлса нур устига нурдир.
Лутфулло ТУРСУНОВ, психолог:
Инсон бирор фаолиятни амалга оширишдан олдин ана шу фаолият натижасини акс эттира олиш хусусиятига эга бўлиш орқали бошқа мавжудотлардан фарқ қилади. Фаолиятни ижобий якунлаш ўз мақсадига эришишга умид боғлаш асносида шахс хатти-ҳаракатини йўналтиради.
Умид — инсонни маълум фаолиятга йўналтирувчи маёқ. Баъзан ҳеч қандай чора қолмаган тақдирда ҳам инсонда умид учқунлари ўчмайди. Ана шу учқун катта бир истакка айланиб шахсни яшаш фаолиятига ундаб, уни тушкунликдан халос этиб янги марралар сари еткалайди.
Умид бола ўз “мен”лигини англаб етган кундан бошланади. Бола тасаввуридаги ижобий қаҳрамонлардан қорбобо, сеҳргар, сеҳрли таёқча кабилардан умид қила бошлайди. Агарда у орзу қилаётган ўйинчоқларга етиша олмаса, бу болаларча умид ёш улғайган сари ўз ўрнини ички эҳтиёжларга бўшатиб бериб катта умидлар юзага кела бошлайди.
Психологик тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бирор шахс ҳодиса ёки нарсага умид боғлаш саробга интилишдир. Шунинг учун ишбилармон кишилар бир мақсад ёки истакни амалга ошириш учун бир нечта имкониятларни чамалаб чиқади.
Умуман олганда, шахсни ҳеч қачон умид тарк этмайди. Чунки бир умидга етишиб мақсади рўёбга чиққач албатта янги умид пайдо бўлади.
Психологияда умид қуйидаги гуруҳларга бўлиб ўрганилади: мавжуд бўлган предмет воқийликка нисбатан ва тасаввурлардагина намоён бўладиган умид. Демак, шахс маълум бир истакни амалга оширишни истар экан, у авваламбор ўзининг умид қилаётган нарсасига эришиши мумкин эмаслигини имкон даражасида аниқлаб олиши лозим бўлади. Умидли дунё деб ҳар нарсага умид қилиш шахсни хаёлпараст ёки бўлмаса бефарқ, умидсиз кимсага айлантиради. Бундай ҳолларда шахс тушкунлик ҳолатига тушади, ўзини ўзи камситади, омадсизликда айблайди.
Умиднинг руёбга чиқиши учун шахснинг бир қатор индивудиал хусусиятлари ҳам туртки вазифасини ўтайди, қачонки, бунга вазият ва шароит бўлса. Умиднинг яна бир хусусияти, унинг изланувчанлигида намоён бўлади, яъни бир ҳолат тўғри келмаганда якка умид ўз ўрнини бир неча умидга бўшатиб беришида бу ҳолатни кўриш мумкин.
Инсон ҳаётида доимий ҳамроҳ бўладиган хусусиятлардан бири —умид энг оғир шароитда, беморликда, ҳаттоки, сўнгги манзилга кетиш олдидан ҳам кишини тарк этмаслиги психологик тадқиқотларда ўз аксини топган. Ибн Сино таъбири билан айтганда, “Умидли бемор албатта соғаяди”.
Хулоса шуки, инсон умид билан яшайди ва ўзининг нималарга қодир эканини намоён этади. Шахснинг ижтимоий муҳитдаги ўрни ҳамда яшашдан мақсади умид билан боғлиқдир.
64 marta o`qilgan











