Русский | O'zbekcha | English
Bosh sahifa Loyiha haqida Arxiv Murojaat uchun
 
 
Siyosat
Iqtisodiyot
Xorij xabarlari
Madaniyat va sport
Hodisalar
Analitika
Foydali saytlar

Центр развития и внедрения компьютерных и информационных технологий

Валюта









Madaniyat va sport

Бир суҳбат ибрати
18 Mart 2010 06:59
www.gzt.uz - Дамин Жумақулов, журналист. Ватан остонадан бошланади, мен Ватанни қандай севаман, деган ибораларнинг мағзини ҳар доим ҳам чақавермаймиз, десак бироз муболаға бўлар. Аммо бу сўзларнинг маъносини астойдил ҳис қилмоғимиз учун баъзан бирор сабаб ҳам керак бўлар экан, бу туйғу аксаран мусофирчилик билан боғлаб тушунтирилади.
             
Бинобарин, ёр-дўстидан узоқларда, ўзга элларда, етти ёт кишилари орасида бир неча муддат қолган одам албатта она Ватан қадрини бошқаларга нисбатан теранроқ ҳис қилади. 
Ҳосили калом, ўтган ҳафта бир дўстимизникига меҳмонга айтилдик. Борсак, меҳмонлар жам экан. Тўрда ёши улуғ нурли бир одам ўтирибди. Биз билан ўрнидан туриб қучоқ очиб кўришди. Очиқ чеҳра билан ҳол-аҳвол сўради. Кейин “Энди гурунгимизни давом эттирамиз”, дея биз келгунча бошлаган суҳбатини давом эттирди.
Шўро ҳукумати ҳўкизи бор одамни ҳам, эшаги бор одамни ҳам ёт унсур сифатида қулоқ қилаётган таҳликали кезларда бу кишининг отасини оиласи билан бешчашмаликлар Даҳбеддан Қоракуя деган қишлоққа кўчириб олиб кетиб НКВДидан яширган экан. Барибир орадан бир неча йил ўтиб, 1948 йил Самарқанддан ис олган НКВД исковичлари Қашқадарёнинг Қоркуядек чекка бир қишлоғида жон ҳовучлаб истиқомат қилаётган даҳбедлик қочоқларни топиб саксон ёшни қоралаган оила бошлиғини қамоққа олибди. У киши 1954 йил қамоқдан озод этилар экан-у, Даҳбедда кутиб ўтирган фарзандлари, қавму қариндошлари билан кўришиб “Мени ҳозироқ Қоракуяга олиб боринг, ўша ерда бир супа қилганман, ўша супанинг устида бир мизғиб олайин”, деб илтимос қилар экан.
Қоракуяга келиб ўзи қилган супанинг устида бор-йўғи ярим соат чамаси мизғибди-ю, ўрнидан тетиклашиб туриб “Мана  энди Ватаннинг нафасини, озодликнинг бўйини туйдик”, дебди.
Отахоннинг айтганларини батафсил ёзсангиз бир китоб бўлади. Балки бу воқеалар вақти келиб ёш авлодга ибрат бўлар деган ниятда  батафсил ёзилар ҳам.  Биз эса суҳбатнинг ўзимиз ибрат олган бир қисми ҳақида ёзишга журъат этдик.
Отахон ҳар икки гапининг бирида Бешчашма ва бешчашмаликларни мақтайди.  Таърифланганда ҳам оҳорли сўзлар топиб айтади.
Даврадагиларнинг кўпи бешчашмалик эдик. Аммо бизнинг наздимизда, Бешчашма ҳам ҳамма қишлоқдек бир қишлоқ.  Одамларининг ҳам ортиқча бир фазилати йўқ: сира тўғри гапирмайди, фақат кесатиғу киноя, ўзларининг тили билан айтганда, ҳар сўз айтганда ошириб отади.
Гурунг қилсак, қишлоқ одамларининг ҳашамга берилиб кетаётганидан, ўтиришу базмларга ружу қўяётганидан, ер талашиб бола отани, ука акани юз хотир қилмай қўйганидан, меҳр-оқибат кўтарилиб бораётганидан гапирамиз. Нима дейсиз энди, биз ҳам шу қишлоқнинг болалари-да.
Отахоннинг гаплари эса тамоман самимиятга, теран бир эҳтиромга йўғрилган, на бир киноя бор, на бир кесатиқ. У кишининг айтишича, ер юзида Бешчашмадек қишлоқ йўқ. Айниқса, бу ердаги булоқ сувларининг таъми, шифобахшлигини таърифлашга сўз ожиз. Ери унумдор, айниқса, лалми ғалла ва қовун-тарвуз яхши битади, чорва мўл, сут-қатиқ сероб, Одамлари танти, меҳмонни хуш кўради, тўйларда ўн қозонгача ош тортиб изидан кураш ва кўпкари беради. Бошқа жойлардан Бешчашмага тўйга келган меҳмонлар одамларнинг қир бўлиб ўтириб (узунасига бир неча ўн метр масофада қарама-қарши бўлиб ўтирган қаторлар бир нечта бўлади), бирваракайига минглаб кишига ош тортиб юборилганини кўриб қойил бўлган. Айиқ полвон билан курашга тушган Тўлабой полвон ҳам бешчашмалик бўлади...
Отахон Бешчашмани шу йўсинда таърифлаб кетаверадики, беихтиёр “Бобурнома”нинг бирор бўлимидан гап боряптими деб ҳам ўйлайди одам.
Ҳар нарсадан камчилик кўриш одат бўлиб қолган бир даврда бундай гапларни айтиш ҳам бир жасоратдек, бу мақтовлар соҳибидан ибрат  олиш керакдек туюлди бизга.  Шу давранинг ўзидаёқ қишлоғимизга, қишлоғимиз одамларига, узоқ-яқин қариндошларимизга меҳримиз тошиб кетди, уларни соғиниб қолдик. Биз ўзимизникини маъқул билиб юраверибмиз-у, ерга, мулкка бўлган эгалик ҳуқуқи қишлоқ қиёфасига қанчалар ўзгариш киритгани ҳақида тузукроқ ўйлаб кўрмабмиз.  Қишлоқ марказида бир неча маиший хизмат уйлари очилди, катта-кичик дўконлар иш бошлади, бозорлар фаолият кўрсатмоқда, қаёққа қараманг, енгил автоуловлар ғизиллаб қатнаб ётибди. Миришкор деҳқонлар боғ-роғлар барпо этяпти. Айниқса, Турсунмурод Ҳасанов яратган боғ бутун вилоятда машҳур. Ҳатто вилоят раҳбарлари ҳам шундай кўркам боғ яратгани учун фермерга миннатдорчилик билдирган. Яна бир фермер Салим Хўжаниёзов пахта шартномасини 218 фоиздан ошириб топширган вақтлар ҳам бўлди. Одамлар ҳашар қилиб йўллар қуряпти, кўприклар соляпти, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам беряпти, қаровчиси йўқ кишиларга кўмаклашяпти,
Ўйлаб кўрсак, бундай эзгу ишларнинг санаб адоғига етиш қийин экан. Ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган отахоннинг гаплари айни ҳақиқат. Яна шу нарса ҳам ҳақиқатки, ўз оиласига, маҳалласига, қишлоғига бепарво бўлган одамнинг Ватан ҳақидаги гапларининг мазаси тузи йўқ овқат таъмига ўхшаган нарса бўлиб чиқади.
— Яхши замонда яшаяпсиз, болаларим, шукр қилинг! Ҳозирги кунда бешчашмаликлар таъбири билан айтганда, темтинган (астойдил ҳаракат қилган) одам кам бўлаётгани йўқ. Давлатимизга минг раҳмат! кеча туғилган чақалоқдан бошлаб, тўқсондан ошган қариягача, тирик жон борки, ҳаммага — нафақа, ойлик, пенсия, яна нималардир деб пул бериб ётибди. Тадбиркор бўламан, фермер бўламан, бизнесмен бўламан деган юрагида ўти борлар ҳалоли бўлсин, ҳукуматимизнинг сиёсатига эш бўлиб ҳам ўзлари бой бўляпти ҳам бошқаларга фойдаси тегяпти.
Даврада ўтирганлардан бири қизиқсиниб отахоннинг ёшини сўраган эди, “етмиш бешдаман” деб жавоб қилди. Биз у кишининг олтмиш атрофида бўлса керак деб тахмин қилиб турган эдик. Оз эмас, кўп эмас ўн беш ёшга адашибмиз. Бунинг сирини ҳам ўзимизча аниқлаган бўлдик. Бу сир — ҳар нарсанинг яхши тарафини кўриш, ҳаётга чанқоқлик, одамларга меҳр кўзи билан қараш.
Бизни яна бир масала ўйга толдирди: боғча, мактаб ва бошқа таълим даргоҳлари ўз йўлига. Нега биз — ота-оналар фарзандларимизга шундай гурунг бермаймиз. Нима учун ёшларимиз онгида ана шундай ижобий фикр юритиш кўникмасини шакллантириш ҳақида ўйламаймиз. Ахир боланинг онгида кўп қарашлар оилавий гурунглар асносида шаклланади-ку.  Бизнингча, ана шу  жуда оддий, айтарли кўзга ҳам ташланмайдиган масалага жиддий эътибор қаратиш кўп ютуқлар гарови бўлиши шубҳасиз.
Давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаганидек, “Ўғил-қизлармизни эл-юртимизга муносиб фарзанд, эртага Ватанимизнинг ҳақиқий фуқароси бўладиган инсонлар этиб тарбиялаш, аввало оила бағрида, оиланинг соғлом иқлими, ота-онанинг бир-бирига меҳри ва ҳурмати шароитида чуқур илдиз отишини, ўйлайманки, ҳаммамиз яхши англаймиз”.
Дарҳақиқат, жорий йил Президентимиз ташаббуси билан “Баркамол авлод йили” деб аталди. Бунга хайрихоҳлик ота-онанинг ўз фарзандлари камоли тўғрисида қайғуришида намоён бўлади. Уларнинг камоли эса она Ватан туйғусини қанчалик ҳис этиши билан боғлиқ. Демак, ота-оналар мурғак қалбларга Ватанни севишни ўргатишга масъулдир. Шундай йўл тутайликки, бу туйғу улар қалбида қуруқ сўзлардан, сохта эҳтирослардан иборат мавҳумият бўлиб эмас, реал воқелик  сифатида жонлансин.
Ибратли сўзлари билан юртдошларимизни эъзозлашга, Ватанимизга бўлган муҳаббатимизни янада жўштиришга, фарзандларимиз тарбиясига бундан-да эътиборли бўлишга ундаган отахоннинг исми-шарифи Аъзамхон Каттаев экан.
104 marta o`qilgan
 
© Вебсайт агентства www.gzt.uz создан при содействии Общественного фонда поддержки и развития независимых печатных СМИ и информационных агентств.
Адрес электронной почты: gzt@inbox.ru
Разработка и хостинг UZINFOCOM, Система управления сайтом MANAGER