Русский | O'zbekcha | English
Bosh sahifa Loyiha haqida Arxiv Murojaat uchun
 
 
Siyosat
Iqtisodiyot
Xorij xabarlari
Madaniyat va sport
Hodisalar
Analitika
Foydali saytlar

Центр развития и внедрения компьютерных и информационных технологий

Валюта









Madaniyat va sport

Наврўз – тенглик тантанаси
15 Mart 2009 07:42
www.gzt.uz Фаррух Жабборов. Тарих гувоҳ: қайси динга эътиқод қилиши, қанчадан-қанча ғайри маданиятлар таъсири остида қолишидан қатъи назар, халқимиз асрлар мобайнида Йилбоши – Наврўздан воз кечмаган. Бу баҳорий байрам ўзбекнинг ўзлигини, бағрикенглигу меҳмондўстлиги, қўйингки, барча инсоний фазилатларини мужассамлаштирган. Бизда нафақат янги йил 21 мартдан бошланади, балки деярли барча миллий анъаналаримиз: кўпкари, кураш, бахшичиликдан тортиб келинсаломгача Йилбоши сайли «чорраҳа»сида туташади. Таъбир жоиз бўлса, Наврўзни маданиятимиз дурдонаси, байрамларимиз онаси, дейиш мумкин.
Беш бармоқ баробар эмас. Бисотида неки топилмаса, шунга интилишни одат қилган одамзот, гарчи юрагининг энг чуқур пучмоқларидан сув ичувчи истакларига қарши эса-да, ҳамиша тенглик тарафдори бўлиб келган. Мазкур майл самараси бўлмиш урф-одату маросимлар барча халқларда учраса керак. Тарих гувоҳ: қайси динга эътиқод қилиши, қанчадан-қанча ғайри маданиятлар таъсири остида қолишидан қатъи назар, халқимиз асрлар мобайнида Йилбоши – Наврўздан воз кечмаган. Бу баҳорий байрам ўзбекнинг ўзлигини, бағрикенглигу меҳмондўстлиги, қўйингки, барча инсоний фазилатларини мужассамлаштирган. Бизда нафақат янги йил 21 мартдан бошланади, балки деярли барча миллий анъаналаримиз: кўпкари, кураш, бахшичиликдан тортиб келинсаломгача Йилбоши сайли «чорраҳа»сида туташади. Таъбир жоиз бўлса, Наврўзни маданиятимиз дурдонаси, байрамларимиз онаси, дейиш мумкин.
 
Улуснинг улуғ куни
(1-мақола)
Евроосиё кенгликларини ватан тутган туркийлар бир пайтлар Наврўзни шундай аташган. Номидан ҳам кўриниб турибди, бу айём улуснинг – шоҳу гадонинг умумий бир байрамидир.
Ўтмишда туркий халқлар йил қиш ва ёз мавсумига бўлишган. Кўклам фасли ёзнинг, куз эса қишнинг таркибига кирган. Маҳмуд Кошғарий айтмоқчи, «кўчманчи турклар йилни тўртга бўлиб ном беришган. Ҳар уч ойнинг битта номи бор» деган гап маъноси шу бўлса керак. Асосий машғулоти чорвачилик бўлган қадимги туркийлар қишда қишлоқда, ёзда ёзлоқда истиқомат қиларди. Демак, йилда икки марта оммавий кўчиш тадбирлари бўлган. Ёзлоққа ўтиш, албатта, уларнинг асосийси эди. Бу – аёз эндигина чекинган, озиқ-овқат захирасининг таги кўриниб қолган бир вақтга тўғри келган. Табиатдаги жонланиш билан боғлиқ ҳолда инсон қалбида ҳам уйғониш, организмида эса ўзгаришлар бошланади бу пайтда. Шунинг учун ҳам кексаларимиз кўкламни «илик узилди пайти» ёки «йўғон чўзилар, ингичка узилар маҳали» дея таърифлашади. Ҳозирда халқ орасида ишлатиладиган «Ўйда ёт, қирда ёт» ибораси ҳам ўша кўчманчилик даврларидан қолган бўлиб, «Энди ўйланмай яланг қирда ётиш мумкин, ёзлоққа кўчса бўлаверади» маъносини беради. Бугунгидек махсус иситиш тизимига эга уйда эмас, ўтовда ҳаёт кечирган аҳоли учун қишдан чиқиб олиш ҳақиқий машаққат ҳисобланарди. Момоларимиз ҳали-ҳануз баҳор элчиси бойчечакни кўрганда «Омонлиқ-сомонлиқ, янаги шу кунларга ҳам етайлик» дея тилак билдириши замирида шу ҳикмат яширин, назаримизда.
Ҳаёти табиат билан чамбарчас боғлиқ кечган аждодларимиз Янги йил шодиёналарини  кўкламда ўтказиши табиий ҳол эди. Бу бир томондан аёздан қутулиш шукронаси бўлса, иккинчи тарафдан янги меҳнат йилига ўзига хос тайёргарлик маросими бўлган.
Боболаримиз аёзни тўқсон кун деб билишган. Унинг асосини қирқ кунлик чилла ташкил қилган. Кейинги ой – ҳиллада об-ҳавонинг авзойи ўйнаб турган: эрталаб кулиб боқса, тушдан кейин қовоғини уйиб олган. «Ёлғон баҳор» дейилиши шундан. Одатда, олти-етти кун давом этадиган Ажуз момо кунлари билан аёз ўз сўнггига етган.
Болалигимда бу ҳақда бир афсона эшитганман. Ҳаммаси эсимда: изғирин деразага уриб турар, ойна кўзлари зириллар эди, ўшанда катта энам – Хайри момонинг ҳикоя қилиш оҳангию овози ҳам жуда ваҳимали туюлган менга: «Азиз момонинг (аслида, Ажуз момо, балким «аёз» сўзининг фонетик ўзгарган шаклидир – Ф. Ж.) тўқсон ўғли бор экан.  Ҳар бири қишнинг бир кунига эгалик қиларкан. Қиш яхши келмаса, кампиршонинг жаҳли чиқиб: «Тўқсон, тўқсонинг ҳам бир ўзимча йўқсан», дея увлаб изғирин совуқни оёққа турғизаркан… Азиз момо – олти кун, қаҳри келса – етти кун, сакраб келса – саккиз кун, тўқнашиб кетса – тўққиз кун...» Айтим шу тарзда ўттиз кунгача давом эттирилади.
Ажуз момо кунлари одатда совуқроқ бўлади, тахминан март ойининг биринчи ярмига тўғри келади. Ундан кейин чин баҳор! Янги мавсумга тайёргарлик, Йилбоши сайлига тадорик бошланиб кетади. Албатта, сайлни айнан 21 март куни ўтказиш шарт бўлмаган, шодиёналар ялангликда бўлиши назарда тутилиб, об-ҳаво очиқ кунларга белгиланган. Лекин йил ҳисоби баҳорий тенг кунликдан бошлаб юритилган. Тарихчи олим Кевин Алан Брук «Ҳазар жуҳудлари» китобида ёзишича, Јарбий турк ҳоқонлиги вориси бўлмиш Ҳазар ҳоқонлигида (650–969 йй.) Янги йил байрами «Улуғ кун» деб аталган ва айнан 21 мартга тўғри келган.
Аждодларимиз Янги йилни табиат қиш уйқусидан уйғониб, жонланаётган палла – баҳорий тенг кунликдан бошлаши ҳеч ҳам ҳайратланарли эмас. Ахир, туркийлар антик даврлардан бери фойдаланиб келаётган тақвим – мучалга Юпитер, Сатурн каби сайёраларнинг қуёш атрофида айланиш даври асос қилиб олинган. Планеталар ҳақида етарли илмга эга бўлган халқ кун ва тун тенглашган пайтни билмаслиги мумкин эмасди.
Улуснинг улуғ куни байрами, гарчи биз уни бугун бошқа ном билан атаётган бўлсак-да,  табиат ва инсон бир бутунлиги, барча одамларнинг тенглиги рамзи ўлароқ халқимиз орасида яшашда давом этмоқда.
«Йилбошида йилоши…»
Юртимизда Йилбоши байрами қачондан бери нишонлаётгани ҳақида аниқ жавоб топиш мушкул. Кимдир 7 минг йил бўлган, дейди, кимдир 3,5–4 минг йил… Эрамиздан олдинги Хитой солномаларида аждодларимиз ҳар баҳор қир-адирликда катта тантана қилиб, Янги йилни кутиб олгани ҳақида илк маълумотлар учрайди… Халқнинг бундай сайлларига қизиқиш кучли бўлгани сабабми, ўрта асрлар Чин манбалари ҳам уларга алоҳида тўхталиб ўтади.
«Хитойлик савдогар ва сайёҳлар Самарқанд ва Фарғонада ўтган Наврўз, умуман, Янги йилнинг кутиб олиниши ҳақида қизиқ таассуротларни ёзиб қолдиришган. Уларнинг бирида «Фарғонанинг одамлари қизиқ экан, улар Наврўзда иккига бўлиниб, бир-бирлари билан уришар экан», дейилади. Сиртдан қараганда, бу урушувдек кўринган ҳолат, аслида, халқнинг кўклам билан қиш тимсолидаги маросимий урушидир. Хитойлик сайёҳ маросимни кузатиб, моҳиятини тўлиқ англамай, шундай фикрга борган. Яна бир ўринда Фарғона халқининг Наврўз маросимида турли ҳайвонларни уруштириб, фол кўришлари айтилган. Бизда ҳозир ҳам Наврўз тантаналарида қўчқор, хўроз уриштиришлар бор. Аслида, бу томошалар оддий кўнгилхушлик эмас. Қадимда томошабинлар уришаётган ҳайвонларнинг бирини қиш, бошқасини ёз, деб олиб, уларнинг ҳолатидан йилнинг қандай келишини башорат қилганлар», деб ёзади этнограф олим Шомирза Турдимов.  Кўриниб турибдики, халқимиз Йилбошини азалдан-азалдан табиат қўйнида сайл тарзида нишонлаб келган.
Наврўз сайлининг сумалак ва ҳалимдан ташқари яна бир рамзий таоми бор: «Йилбошида йилоши...» деб бошланувчи халқ қўшиғини эшитган чиқарсиз. Йилоши (баъзи ҳудудларда «йилгўжа», «жилгўжа» дейилади) фақат Йилбоши сайлида пиширилади. Тайёрлашнинг икки хил усули бор. Биринчи тури етти ёки тўққиз хил дон (буғдой, нўхот, мош...) солиб пиширилган. Иккинчиси эса одамлар уйидан олиб келган таомлар дошқозонда аралаштирилиб дастурхонга тортилган. Сайлнинг барча иштирокчилари бир қозондан таом тотишган. Йилда бир марта пиширилган йилоши бу дунёда бойу камбағал, хўжаю қулнинг тенг ҳуқуқли экани тимсоли бўлган.
Йилоши нега тўққиз хил дондан пиширилади? Қадим туркий тамаддунда етти билан бирга тўққиз ҳам илоҳий рақам ҳисобланган. Лев Гумилёв «Қадимги турклар» асарида аждодларимиз турли маросимларида тўққиз рақамини кўп ишлатишини ёзади. Никоҳ тўйидаги «тўққиз товоқ» удуми ҳам кўҳна анъананинг ҳозиргача сақланиб қолган бир кўринишидир.
Абулғози Баҳодирхоннинг ёзишича, қадим-қадим замонларда қирғин-баротдан омон қолган тўққиз киши Арканақун номли афсонавий ўлкада кўпайишиб, куч тўплаб, она юртини душманларидан қайтиб олган экан. Эҳтимол, тўққиз рақамига сирли маъно юкланиши туркларни қайта тарих саҳнасига олиб чиққан ўша тўққиз аждод билан боғлиқдир.
257 marta o`qilgan
 
© Вебсайт агентства www.gzt.uz создан при содействии Общественного фонда поддержки и развития независимых печатных СМИ и информационных агентств.
Адрес электронной почты: gzt@inbox.ru
Разработка и хостинг UZINFOCOM, Система управления сайтом MANAGER