“Сув ёқалаб” фильми журналистлар учун намойиш этилди
05 Mart 2009 08:29
www.gzt.uz - 4 март куни Киночилар уйида “Сув ёқалаб” бадиий фильми оммавий ахборот воситалари вакиллари учун намойиш этилди. Фильм сценарийсини таниқли ёзувчи Эркин Аъзам ёзган. Режиссёри – Жаҳонгир Қосимов. Постановкачи оператор – Нажмиддин Ғуломов. Ролларни Эркин Комилов, Жавоҳир Қосимов, Тоҳир Саидов, Зулхумор Мўминова, Жамшид Зокиров, Сайёра Юнусова, Беҳзод Шайматов сингари актёрлар ижро этган. Томошадан сўнг бўлиб ўтган фильм муҳокамаси ва матбуот конференцияси чоғида турли фикр-мулоҳазалар билдирилди. Ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад айтилган сўзларга ўз муносабатини билдирар экан, фильм эпизодлари ҳақида турли фикрлар бўлиши табиий, бунга оддий мантиқ нуқтаи назаридан эмас, бош қаҳрамоннинг психологик ҳолатидан келиб чиқиб баҳо бериш кераклигини таъкидлади ва киноасарга юқори баҳо берди.
Режиссёр Зулфиқор Мусоқов фильм ижодкорларини табриклар экан, “Сув ёқалаб" ўзбек киносанъатини уч-тўрт поғона олға силжитди, деб айтди.
Ўзини таништиришни истамаган бошқа бир тадбир иштирокчиси эса: “Бу филмнинг юки оғир. У нафақат ўзи учун, қолаверса, давлат маблағи ҳисобига олинаётган ва миллиардлаб сўм ҳавога совурилаётган “хонтахта” фильмларни ҳам оқлашига тўғри келади", деди. Мухбиримиз ундан “хонтахта фильмлар" иборасига изоҳ сўраганида, у русчадаги "халтура" сўзига тўғри келади, деди. Бу сўзни филолог олимлар эмас, киночиларнинг ўзи ўйлаб топган экан.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари олдида бу ҳақда гап очилишини истамаган “Ўзбеккино” агентлиги раҳбари вазифасини бажарувчи Аъзам Исҳоқов яқинда киноконференция бўлишини ва бунга ўхшаш фикрлар ўша ерда айтилиши лозимлигини билдирди.
Тадбир тугагандан кейин бир режиссёр бу фильмга кўпам рўйхушлик бермаган А.Исҳоқов энди унинг ютуғига ўзи ҳам шерик бўлмоқчи эканини айтди.
Ўзини ошкор қилишни истамаган бошқа бир кишининг маълум қилишича, яқинда “Ўзбеккино” агентлигининг фаолияти юқори идораларда муҳокама қилинган ва унинг раҳбарияти юритаётган кино сиёсати қониқарсиз деб топилган.
А.Исҳоқовнинг бундан буён оммавий ахборот воситалари билан алоқани мустаҳкамлаш ва кино ҳақида мақола ёзадиган ҳар бир журналистни кинотеатрларга бепул кириб чиқиш учун абонемент билан таъминлаш ҳақидаги таклифи айнан шу дўппи тор келган пайтда вазиятни ўнглашга уриниш бўлса ажаб эмас. Лекин у хавотирланмаса ҳам бўлади. Чунки ўзбек матбуоти у бошлиқ агентлик маблағ ёки лицензия бераётган “хонтахта” фильмлар ҳақида ҳам кўпинча мақтаб ёзади. Бу борада телеканаллар кимўзарига мусобақа ўйнаётгандай туюлади. Агентликда мавжуд муаммолар ҳақида ошкора танқидга фақат “Даракчи” газетаси журъат этди.
Энди фильмнинг ўзи нима ҳақда деган саволга келсак, яхшиси, унинг ижодкорлари тақдим этган пресс-релизни келтириш билан чекланамиз:
“Нақл этишларича, баҳри уммон (дунё океани) бағридан бир ариқ сув оқиб ўтармиш, жаннат суви. Орада шундай бир ҳарирдек нимарса бўлармишки, у ўша жаннат сувининг уммондаги сувга қўшилувига, аралашиб кетувига йўл бермас эмиш. Агар аралашса, билингки, рўзи қиёмат яқин!
Инсон ҳаёти шунга менгзалгудек бўлса, дод демай иложингиз йўқ. Чунки умри давомида у ҳар қанча пок, виждонан яшамасин, эзгуликлар йўлида жон чекмасин, барибир оқибатда бир пушаймонлик, бир армонлар қолади.
Бандасининг рўзи қиёмати ўзи билан!
“Сув ёқалаб” фалсафий фильм-ривоятининг бош қаҳрамони — умр бўйи элга хизмат қилдим, одамларга яхшилик келтирдим деб яшаган кекса Болта Мардон ҳаётининг сўнгги куни жаннат билан дўзах орасида кечади”.
384 marta o`qilgan











