Аҳолини иш билан банд этиш вазифалари қўллаб-қувватланмоқда
25 Dekabr 2009 20:28
www.gzt.uz - 25 декабр куни телевидение орқали Ўзбекистон Халқ демократик партияси аьзолари сайловолди платформасидан ўрин олган муҳим йўналишлар билан чиқдилар. Унда, партия вакиллари аҳолини муносиб шарт-шароитларга эга бўлган иш билан банд этиш, уларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, айниқса, бу борада ёшларга ҳаётда муносиб ўрин эгаллашларига кўмак бериш вазифалари юзасидан сайловчиларга маьлумотлар бердилар.
Партия ишида кўп йиллик тажрибага эга бўлган Ҳожимурод Одилқориев, сайловчилар партиянинг мақсад ва вазифаларига хайрихоҳ эканлигига тўхталиб, шундай деди. “Сайловчилар аҳолини иш билан банд этиш, ёш оилаларга моддий ва маьнавий жиҳатдан кўмак бериш, уларни ишга жойлаштириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аҳоли гуруҳларига қўшимча иш жойларини ташкил этаётган корхоналар учун имтиёзлар беришдаги қатор саьйи-ҳаракатларимизни қўллаб қувватламоқда. Айниқса, партиямиз кўзда тутганлиги муҳим аҳамиятга эга. Бу фикрларни ишонч билан айтаётганимнинг сабаби, биринчидан, олдимизга қўйган мақсадларимиз аниқ, қолаверса, амалий ишларимиз халқимизнинг манфаатларига хизмат қилишга қаратилган, иккинчидан, айни кунга келиб аҳоли қайси партия номзодларига овоз бериш кераклиги ҳақида қатьий позицияга эга. Чунки, жойларда номзодлар билан ўтказилаётган учрашув ва қизғин мулоқотларда бўлган киши бу ҳақиқатга яна бир карра амин бўлади”.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурида белгиланган аниқ чора-тадбирлар аҳоли ва электорат манфаатлари билан чамбарчас боғлиқ. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ташаббуси билан ҳукумат вакиллари аҳолини табиий газ, ичимлик суви, электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш ишлари юзасидан ахборот бердилар. Натижада, депутатлар жойларда аҳолини мана шу соҳада ташвишга солаётган масалаларни бартараф этиш юзасидан бир қатор ишларни амалга оширдилар. Аммо, баьзи сиёсий кучлар оммавий ахборот воситалари орқали чиқишида Ўзбекистон Халқ демократик партияси амалий механизмга эга бўлмаган ғояларни илгари сураяпти деган ассосиз даъволарни айтмоқда.
Кўрсатув иштирокчиси Беҳзод Шукуров ижтимоий ҳимоя масалаларини ҳал этишимизда баьзи партиялар бизнинг йўлимизга тўғаноқ бўлаяпти деган фикрни билдирди. “Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унинг кун тартибига Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг ташаббуси билан “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2007-2010 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни аниқ ижтимоий муҳофаза қилиш ва уларга ижтимоий хизмат кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида” 2006 йилда қабул қилинган қарорида назарда тутилган вазифалар юзасидан парламент назоратини амалга ошириш кўзда тутилган эди. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси эса бугунги кунда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий муҳофаза қилишда жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу масалани кун тартибидан чиқариш ғоясини илгари сурди”.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Халқ демократик партиясига 1991 йилда асос солинган. Бугунги кунда партия аьзоларининг сони 340 мингдан зиёдни ташкил этади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси 28 нафар депутатдан иборат.
109 marta o`qilgan











