«Миллий тикланиш»: ЎзЛиДеПнинг матбуот ҳақидаги гаплари навбатдаги ваъдаларидан бири
23 Dekabr 2009 17:15
www.gzt.uz - Телевидениеда эфирга узатилаётган туркум тарғибот-ташвиқот кўрсатувларининг навбатдаги сонида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси аьзолари сайловолди дастуридаги вазифалар билан чиқди. Партиянинг сайловолди дастури бошқа партиялардан ўзига хос жиҳатлари билан фарқ қилади.
Партиянинг фаол аьзоларидан бири Жалолиддин Сафоев бу жиҳатлар ҳақида шундай фикр билдирди. “Бизнинг ҳаракат дастуримизда кўзланган мақсадлар халқимизни, миллатимизнинг ижтимоий, сиёсий, маънавий ҳаёти билан ниҳоятда чамбарчас боғланиб кетган. Хусусан, суд-ҳуқуқ масалаларидаги ислоҳотларни оладиган бўлсак, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш жадал давом этмоқда. Биз ана шу жараёнларни янада кучайтириш, халқимизга, миллий анъана ва қадриятларимизга хос бўлган ярашув институтининг янада кенгроқ қўлланилиши, аёлларга, кексаларга, болаларга нисбатан меҳр-мурувват кўрсатиб, жазонинг муқобил чораларини қўллаш тизимини янада кенгайтиришни ўзимизга дастурий вазифа сифатида белгиламоқдамиз”.
Кўрсатув иштирокчиси Арслон Эшмуродов бошқа сиёсий партияларнинг сайловолди платформасидан ўрин олган ОАВ фаолияти билан боғлиқ йўналишга танқидий муносабатини билдирди. Унинг фикрича, “ЎзЛиДеП сиёсий куч сифатида майдонга чиққандан буён ОАВни эркинлаштириш ҳақида бот-бот гапиради-ю, лекин уларнинг ҳаётда ҳеч қандай мана шу соҳа билан бирор-бир амалий иш қилганлигини кўрмаганман. Шундан келиб чиқиб айтишим мумкинки, ЎзЛиДеПнинг матбуот ҳақидаги гапини ҳам навбатдаги ваъдалардан биридир”.
Ўз навбатида партиянинг яна бир фаоли бўлмиш Жалолиддин Сафоевнинг айтишича, “Биз бу масалага нима учун алоҳида урғу бермоқдамиз. Чунки бизнинг сайловолди платформамизда ОАВнинг фаолиятига сиёсий партия сифатида бир қатор вазифаларни ўз бўйнимизга олаяпмиз. ОАВни замонавий ахборот технологиялари билан қайта жиҳозлаш, етук журналист кадрларни тайёрлаш ва тарбиялаш, бундан ташқари ОАВни моддий техника базасини мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар ҳам партиямизнинг сайловолди дастурида белгиланган”.
Эслатиб ўтамиз, 2008 йилда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳамда “Фидокорлар” миллий демократик партияси қўшилган ҳолда “Миллий тикланиш” демократик партиясига асос солинганди. Бугунги кунда партия аьзоларининг сони 108 мингдан зиёдни ташкил этади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси 29 нафар депутатдан иборат бўлиб, сон жихатдан парламентда иккинчи ўринда келмоқда.
100 marta o`qilgan











